Истанбул шаҳри суди Zaman мухолиф газетасининг собиқ муҳаррири Экрем Думанлини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. «ТАСС»нинг Anadolu агентлигига таяниб хабар беришича, у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ҳақорат қилишда айбланмоқда.
Газетанинг инглизча версияси — Today’s Zaman’нинг собиқ бош муҳаррири Булент Кенешга нисбатан ҳам шу кўринишдаги айбловлар илгари сурилган. Айбловни Кенешнинг ўзи «хатолар йиғиндиси» деб атаб, инкор қилмоқда. Унинг сўзларига қараганда, суд кўриб чиқаётган, газетанинг веб-версиясида чоп этилган материал Twitter’да Фуат Авни номи остида тарқатилган хабарларга асосланган эди. Ўз навбатида, Фуат Авни — ҳукуматга яқин манбанинг тахаллуси.
2015 йил ноябрида Думанли террорчилик ташкилотига раҳбарлик қилиш ва ҳукуматни ағдариш мақсадида фитна уюштиришда айбланган эди. У 2014 йил декабрида ҳам «параллел тузилма»га алоқадорликда айбланиб, изоляторга жойлаштирилган эди. Ушбу «параллел тузилма» ёки «махфий давлат» (Derin devlet) аъзолари, Анқара расмийларининг нуқтаи назарига кўра, амалдаги ҳукуматда турли лавозимларни эгаллаб келади ва ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида ичкаридан қўпорувчилик ҳаракатини юритади. Ушбу тузилма аъзоларининг кўпчилиги диний мухолифатчи, АҚШда яшаётган Фатҳуллоҳ Гулен яратган «Хизмат» ҳаракати иштирокчиларидир.
4 март куни Истанбул суди Zaman газетаси соҳиби бўлган Feza Gazetecılık медиа-гуруҳига ташқи васийлик тайинлаш ҳақида қарор қабул қилди. Полиция Туркияда энг кўп сотиладиган газета таҳририятига келганида нашрни қўллаб-қувватловчи бир неча юз киши бинодаги ашёларни мусодара қилиш ва тинтув ўтказиш ҳақидаги қарорга қарши норозилик намойиши доирасида таҳририят биноси олдида тўпланди. Бинога кириш учун полиция кўзни ёшлантирувчи газ ва водомётлардан фойдаланди.
Газетанинг немисча версияси — «Zaman Германия» бош муҳаррири Сулаймон Багнинг айтишича, ҳукуматнинг қатағонлари оқибатида нашр ўз ишини Германияда давом эттиришни режалаштирмоқда.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон президентлик мансабига ўтирганидан буён фуқароларга нисбатан давлат раҳбарини ҳақорат қилиш юзасидан 1845 та иш очилган. Туркия ЖКнинг 299-моддаси бундай ҳуқуқбузарлик 1–5 йиллик қамоқ жазоси билан жазоланишини кўзда тутади.
Изоҳ (0)