Польша Ҳукумат мудофааси бюроси 10 март, пайшанба куни республика президенти Анжей Дуданинг машинаси иштирокидаги авария юзасидан суриштирув натижаларини тақдим этди. Экспертиза тафсилотлари ҳақида Ҳукумат мудофааси бюроси (ҲМБ) раҳбарининг ўринбосари Яцек Липский маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда, аварияга ҲМБ собиқ раҳбарларининг нотўғри кўрсатмалари сабаб бўлган. Ишлаб чиқарувчилар ғилдиракларни ҳар 2—3 йилда алмаштиришни тавсия қилгани ҳолда, ҲМБ собиқ раҳбарлари улардан 4—6 йил давомида фойдаланишга рухсат берган.
«Собиқ раҳбарларнинг кўрсатмалари ҲМБ ҳимояси остида бўлган шахсларнинг хавфсизлигига таҳдидни юзага келтирган бўлиши мумкин», — деди Липский ва ҳозирги раҳбарият барча автомобилларнинг ғилдиракларини зудлик билан алмаштириш ҳақида буйруқ берганлигини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 4 март, жума куни ичида Польша президенти Анжей Дуда бўлган автомобиль йўл-транспорт ҳодисасига учради: давлат раҳбарининг BMW машинаси орқа ғилдираги портлаб, автомобиль йўл чеккасига чиқиб кетди. Ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмади.
Изоҳ (0)