Англияда Премьер-лигадан сўнг нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган Чемпионшип турнири иштирокчиси «Бёрнли» жамоасининг ҳимоячиси Майкл Кин ўйинлардан бирида мияси чайқалиб, ўзига келганида, у шифокорга ҳозир 1996 йил эканини айтган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Жорий йилнинг 20 февраль куни Чемпионшипнинг 32-турида «Бёрнли» ва «Ротерхэм» жамоалари ўзаро баҳс олиб борганди. Ўйин вақтида Майкл Кин рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетди. Дастлаб у ўйинни давом эттирди, аммо тўқнашув оқибатида кўз олди қоронғилашган футболчи 32-дақиқада захирага олинди.
«Аввалига мени кучли бош айланиши безовта қилди ва мен ўтган ҳафта ҳақида ҳеч нарсани эслай олмадим. Шифокор ҳозир нечанчи йил экани ҳақида сўраганида, мен 1996 йил деб ўйладим. Шифохонада даволаниб чиқдим ва энди ўзимни яхши ҳис қиляпман», — дейди 23 ёшли футболчи.
Майкл Кин мияси чайқалиши туфайли жамоасининг иккита ўйинини ўтказиб юборди. 5 март куни эса у «Блекберн»га қарши ўйинда майдонга қайтди.
Қайд этиш жоиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Англия футбол уюшмаси мияси чайқалганликда гумон қилинаётган футболчини дарҳол захирага олиш ҳақида буйруқ чиқарган.
Изоҳ (0)