Ноттингем ва Йель университетлари иқтисодиётчилари келган хулосага кўра, институционал коррупция ва қаллоблик даражаси энг юқори бўлган давлатларда яшовчи одамлар ёлғон гапиришга кўпроқ мойил бўлади. Бу ҳақда Nature журналида чоп этилган тадқиқотга асосланиб, N+1 маълум қилди.
Олимлар 159 мамлакатдаги коррупция даражаси ҳақида маълумот тўплади. Улар орасидан 23 мамлакат танлаб олинди. Шу мамлакатларда беш йил давомида тажрибалар ўтказилди, уларга жами 2,5 минг киши жалб қилинди. Кўнгиллиларнинг ўртача ёши 21 ни ташкил қилди.
Тажриба методикасига кўра, иштирокчиларга олти қиррали ўйин соққасини ташлаш таклиф қилинарди. Тушган рақам қанча катта бўлса, ўйинчи ҳам шунча катта миқдорда мукофот олиши лозим эди. Энг муҳим жиҳати — кузатувчилар соққа қанақасига тушганини кўра олмас, рақамни иштирокчининг ўзи уларга маълум қилиши талаб этиларди. Коррупцион жамиятда яшаб ўрганган одамлар ёлғон ишлатиб, тушган рақамни катталаштириб айтиши ҳолатлари кўпроқ кузатилди.
Тажрибалар натижасида ёлғон гапиришга мойиллиги энг юқори одамлар Хитой, Марокаш, Кения, Танзанияда яшаши аниқланди. Аҳолиси энг кам ёлғон ишлатадиган давлатлар эса Австралия, Нидерландия ва Буюк Британия бўлиб чиқди.
Изоҳ (0)