Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида яшовчи Анвар Райимов алимент тўлашдан қутулиш мақсадида хотини ва қайнонасини ўлдиришга қарор қилди. Бу ҳақда «Фарғона ҳақиқати» газетаси хабар берди.
Анвар Райимов 2012 йилда Шоҳиста Райимова билан турмуш қурган, аммо ўзаро келишмовчилик туфайли 2012 йилнинг декабрь ойида аёл ота уйига кетиб қолади. Кейинчалик А.Райимов хотинининг уйида ичкуёв бўлиб яшай бошлайди ва 2013 йил баҳор ойларида ишлаш учун Қозоғистон Республикасига чиқиб кетади.
2013 йил ёз ойида фарзандли бўлганлиги сабабли у ердан қайтиб келиб, яна аёлининг уйида яшаб юради. Лекин орадан кўп ўтмай қайнонаси билан низолашиб, ота уйига қайтади.
2014 йил бошларида Ш.Райимова фарзандига алимент ундириш учун судга мурожаат қилади. Райимовга фарзандини уч ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда 80 минг сўмдан қатъий суммада алимент тўлаш мажбурияти юклатилади.
Бироқ, А.Райимов 2015 йил 1 октябрга қадар моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандини таъминлашдан бўйин товлаб, суд қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган жами 6 196 232 сўм маблағни тўламайди.
2015 йил 22 октябрь куни А.Райимов суд ижрочилари томонидан алимент қарздорлигини тўлаш ҳақида огоҳлантирилганидан сўнг, асоссиз равишда жаҳли чиқади ва турмуш ўртоғи ҳамда қайнонасини қасддан ўлдириш, шу орқали алимент қарзидан қутулишни ният қилади. Шу куни тунда болта кўтариб, юзига ниқоб тақиб, Ш.Райимованинг яшаш ҳовлисига яширин равишда кирганида қайнонаси О.Бойқўзиева уни кўриб бақириб юборади. Шунда А.Райимов ўта шафқатсизларча болта билан қайнонасининг бош, елка, бўйин ва бошқа соҳаларига қасддан уриб, йиқитади.
Бақир-чақирни эшитиб, ёрдамга келган Х.Собировга ҳам енгил тан жароҳати етказади. Қўшнилар унинг қўлидаги болтани олиб, қўл-оёғини боғлаб қўяди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида А.Райимовнинг жиноий ҳаракати атрофлича кўриб чиқилиб, одилона ҳукм ўқилди. Алимент тўловидан бош тортиб, қалтис жиноятга қўл урган йигит энди бир неча йил ҳаётини панжара ортида ўтказади.
Изоҳ (0)