Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Тадбирда аҳолининг ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётгани, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига истеъмолчилардан 5 мингдан зиёд шикоят ва ариза келиб тушган. Мурожаатлар ёзма шаклда, «ишонч телефони», «www.istemolchi.uz», «potrebitel.uz» веб-порталлари орқали қабул қилинган. Ёзма аризаларнинг 92 фоизи истеъмолчилар фойдасига ҳал қилиниб, 1 миллиард 325 миллион 500 минг сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шунингдек, фуқароларнинг коммунал соҳалардаги, хусусан, табиий газ ва электр таъминотидаги мурожаатлари жойида ўрганилиб, ҳал қилинган.
Тадбирда хўжалик субъектлари, савдо ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, маиший хизмат кўрсатиш, коммунал хўжалик соҳалари фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш, истеъмол бозорида қонунчиликка риоя этилиши бўйича олиб борилган ишлар хусусида маълумот берилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)