Жорий йилнинг 7 март кунидан бошлаб, Тошкент шаҳрида Олий Лига жамоаларининг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлари учун Осиё футбол конфедерацияси ҳамда Ўзбекистон футбол федерацияси ҳамкорлигида Level 1 лицензияси учун ўқув семинарлари ўтказилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар учун ташкил қилинган ўқув семинарлари Ўзбекистонда биринчи бор ўтказилмоқда. Семинарларда Олий Лиганинг 14 клубидан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлари иштирок этяпти.
Ўқув семинарлар жараёни 11 март кунига қадар давом этади. Машғулотлар ОФКнинг эронлик инструктори Ғуломризо Жаҳоний томонидан олиб бориляпти. Унга Ўзбекистон футбол федерацияси техник директори Шавкат Имомов ёрдам бермоқда.
Шавкат Имомов семинарларнинг очилиш маросимида бу ўқув курсларининг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
«Жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассислар учун ОФК семинари Ўзбекистонда илк бор ташкил этилмоқда. Аввалроқ, дарвозабонлар мураббийлари учун ҳам худди шундай, Level 1 лицензияси учун семинар ўтказилган эди. Келаси йилдан ОФК мусобақаларида иштирок этадиган ҳар бир жамоа мураббийлар штабининг ҳар бир аъзосига ўз йўналиши бўйича махсус сертификатларга эга бўлиш талаби қўйилади. Шу сабабдан, юқорида тилга олинган семинарлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, бу талаб ЎзПФЛ регламентига ҳам киритилиши кўзда тутиляпти», — дейди Шавкат Имомов.
Семинарнинг назарий машғулотлари «Рамада» меҳмонхонасининг мажлислар залида ўтказилаётган бўлса, амалий машғулотлар Ўзбекистон футбол федерацияси қошидаги сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтмоқда.
Изоҳ (0)