«Медиазона» интернет нашри ўз ходимларига ва «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» ташкилоти ҳуқуқ ҳимоячиларига Ингушетия ва Чеченистон чегарасида уюштирилган ҳужумлар юзасидан қўзғатилган жиноий иш бошқа модда бўйича кўриб чиқилиши лозим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда «РБК» ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 март куни «Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси» томонидан уюштирилган пресс-тур доирасида Ингушетия ва Чеченистонга борган қўмита ходимлари, норвегиялик ва швециялик журналистлар, The New Times ҳамда «Медиазона» мухбирлари, жами 8 кишидан иборат гуруҳ икки республика чегарасида ўндан ортиқ ниқобли, таёқ ушлаган шахслар томонидан калтакланди, улар тушган микроавтобус эса ёқиб юборилди. Жароҳат олган беш киши Сунжа марказий туман шифохонасига ётқизилди. Ҳужум қилганлар эса енгил машиналарда Чеченистонга ўтиб кетди. Кейинчалик қуролли шахслар қўмитанинг Ингушетиядаги Қорабулоқ шаҳрида жойлашган штаб-квартирасига ҳужум уюштирди.
Ингушетия ИИВ воқеа юзасидан «безорилик» ва «мулкни қасддан йўқ қилиш ёки унга зиён етказиш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди. Аммо, «Медиазона» бош муҳаррири Сергей Смирновнинг сўзларига қараганда, бу моддалар бўлган воқеанинг асл моҳиятини акс эттирмайди.
«Бу қўмита ҳуқуқ ҳимоячиларининг микроавтобусида кетаётган журналистларга қарши уюштирилган босқинчилик ҳужумидир, — деди Смирнов. — Биз РФ ЖКнинг 144-моддаси (журналистларнинг қонуний профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш) бўйича иш қўзғатилишини истаймиз, негаки ҳужум қилганларнинг мақсади айнан шу эди».
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москвадаги президент маъмурияти биноси олдида журналистларнинг калтакланишига қарши норозилигини ифодалаш мақсадида уларнинг ҳамкасблари якка тартибда пикетга чиқаётгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)