Қаршининг «Насаф» клуби ярим ҳимоячиси Артур Геворкян Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси талқинига кўра, 2015 йилги Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси деб топилди. «Насаф» сардори ушбу ютуқда жамоадошларининг хизматлари катта бўлганини такидлаб ўтди, деб хабар беради «Championat.asia».
«Тўғриси, Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси бўлишим кутилмаган янгилик бўлди. Албатта, бу каби совринларни ютиш футболчи учун жуда қувонарли ҳолат. Ўтган йили биз Ўзбекистон Кубогини қўлга киритишни ўз олдимизга вазифа қилиб қўйгандик. Шу боис, бор эътиборимни жамоавий ютуқларга қаратганман. Мени энг яхши деб топишгани учун хурсандман. Бу ютуқ замирида нафақат менинг, балки жамоадошларимнинг хизмати ётибди. Уларсиз мен бу каби совринларга эга чиқа олмасдим. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен барча жамоадошларимга, мураббийларимга раҳмат айтмоқчиман. Бу совринда уларнинг хизматлари юқори», – дейди туркманистонлик футболчи.
Эслатиб ўтамиз, Артур Геворкян ўз фаолиятида иккинчи маротаба Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилмоқда. Бунгача, «Насаф» сардори 2013 йилда ҳам ушбу совринни қўлга киритган эди. Шунингдек, Геворкян 2014 йилги мавсумда миллий чемпионат тўпурари бўлган эди.
Изоҳ (0)