2016 йил 2 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, журналист, актёр, режиссёр, бадиий сўз устаси Убайдулла Бурҳонов таваллудининг 95 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати хабар беради.
Тадбирда таниқли маданият ходимлари, оммавий ахборот воситаси фидоийлари, журналистлар, операторлар, Убайдулла Бурҳоновнинг дўстлари, маслакдошлари ва шогирдлари, коллеж ўқувчилари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этди.
Сўзга чиққанлар Убайдулла Бурҳоновнинг Ўзбекистон телевидениесида қизғин ижодий муҳитни шакллантиришидаги ўрни, илк ўзбек миллий сериалларини яратишда унинг серқирра ижодкор ва раҳбар сифатидаги роли, унинг ҳамкасбларга, шогирдларга муносабати, сухандонлар мактабининг ташкил этишдаги роли, унинг ўз сўзлари ва амаллари билан ёш журналист, режиссёр, оператор ва сухандонларга ибрат бўлганлигини алоҳида эътироф этди.
«Телевидениега келган ҳар бир журналист Убай Бурҳоновни ўз устози деб билади. Унинг сўзлари, ишлари бизлар учун ўз касбига адолат, садоқат ва фидоийлик намунаси эди. У телевидениеда катта аҳил жамоани тўплаб, бу ерда касбий маҳорат ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратган инсондир», — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, сухандон Галина Мельникова.
Тадбир иштирокчиларига Убайдулла Бурҳонов ижодини ёритувчи фильм намойиш этилди.
Изоҳ (0)