Туркия Конституциявий судининг журналистлар Жан Дундар ва Эрдем Гулни озод қилиш ҳақидаги қарори мамлакат конституциясига зид келади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон айтиб ўтди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Ҳа, бу ишда конституциянинг бузилиши кузатилади. Лекин уни мен эмас, Конституциявий судда бундай қарорлар қабул қилиш даражасида бўлганлар бузди. Улар бу қонунбузарликни содир этди», — деди у Нигерия пойтахти Абуджадаги чиқишида.
Cumhuriyet газетаси бош муҳаррири Жан Дундар ва нашрнинг Анқарадаги бюроси бошлиғи Эрдем Гул 26 февраль куни Конституциявий суд қарорига кўра озод қилинган эди.
Туркия ҳукуматининг Суриядаги экстремистик кучлар билан алоқалари ҳақида ёзган бу журналистларнинг ўтган йил ноябрида ҳибсга олиниши жаҳон ҳамжамиятини диққатини тортган эди.
Изоҳ (0)