Ўзбекистонлик теннисчи Нигина Абдураимова Австралиянинг Милдура шаҳрида старт олган ITF туркумидаги, мукофот жамғармаси 25 минг АҚШ долларидан иборат мусобақанинг яккалик баҳсида кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар бермоқда.
Турнирда иккинчи рақам остида таснифланган 21 ёшли Абдураимова британиялик 18 ёшли Фрея Кристига қарши кортга чиқди. Бир соату 34 дақиқа давом этган беллашувда ўзбекистонлик теннисчи 4:6, 4:6 ҳисобида мағлубиятга учради.
Таққослаш учун, Нигина Абдураимова WTA рейтингида 213, Фрея Кристи эса 396-ўринда таснифланган.
Нигина Абдураимова эндиликда бор эътиборини жуфтликлар мусобақасидаги иштирокига қаратади. Чехиялик Барбора Стефкова билан тандем ҳосил қилган ўзбекистонлик теннисчи жуфтликлар баҳсининг илк даврасида Чи-Ю Су (Хитой Тайпейи)/Рико Саваянаги (Япония) дуэтига қарши кортга чиқади.
Изоҳ (0)