«Барселона» жамоаси ҳужумчиси Луис Суаресга Испаниянинг халқаро ахборот агентлиги EFE томонидан Испания чемпионатининг 2014/15 йилги мавсумидаги энг яхши Лотин америкалик футболчиси учун бериладиган EFE Trophy соврини топширилди. Бу ҳақда EFE агентлиги хабар бермоқда.
Уругвайлик футболчига ушбу совринни EFE’нинг спорт бўлими бошлиғи Луис Вильярехо топширди. Тақдирлаш маросими «Барселона» клубининг қароргоҳида ўтказилди ва унда каталонияликлар учинчи вице-президенти Хорди Местре ҳам қатнашди.
Луис Суарес ушбу совринга лойиқ топилган учинчи уругвайлик футболчи бўлди. Ундан аввал Хосе Луис Салазар (1991/92) ва Диего Форлан (2004/05) EFE Trophy’ни қўлга киритган.
Маълумот ўрнида, EFE Trophy соврини 1990/91 йилги мавсумда таъсис этилган бўлиб, ҳар йили агентликнинг спорт муҳаррирлари томонидан Ла Лиганинг Лотин америкалик энг яхши футболчиси аниқлаб келинади.
Изоҳ (0)