Тошкент политехника музейида «Робот-андроид—2016» кўргазмаси ўтказилди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати хабар берди.
1739 йилнинг 24 февралида туғилган француз механиги Жак де Вакансон мустақил овқатлана оладиган ўрдак яратди. Кейинчалик машҳур кашфиётчининг туғилган санаси роботлар куни сифатида эътироф этила бошланди. Мазкур кўргазмани ўтказиш учун ҳам ушбу сана муҳим асос бўлди.
Кўргазмага қўйилган робот-экспонатлар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Андижон автомобилсозлик институти талабалари томонидан яратилган.
Ушбу кўргазма доирасида роботларни йиғиш ва уларни дастурлаш бўйича мастер-класслар, Рубик кубигини йиғувчи роботлар мусобақалари ва кўплаб қизиқарли тадбирлар ўтказилди.
Кўргазма иштирокчилари ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари ва ютуқлар билан тақдирланди.
Изоҳ (0)