ESET компанияси мутахассислари Google Play онлайн дўкони тарихидаги энг йирик киберҳужумни аниқлади. «Hi-Tech.Mail.ru» сайтининг маълум қилишича, Android/Clicker троян дастури миллиондан ортиқ фойдаланувчига зарар келтирган.
Android/Clicker вирусининг ҳужумлари ярим йилча муқаддам бошланган. Экспертларнинг сўзларига қараганда, онлайн дўконда вируснинг 343 модификацияси аниқланган, улар жами 1,2 миллион марта кўчириб олинган.
Дўконнинг Google Bouncer хавфсизлик тизимини ҳар куни вируснинг ўнлаб турлари четлаб ўтишга муваффақ бўлган. Ҳар бир модификация ўртача 3600 марта кўчириб олинган, энг катта натижа – 500 минг марта.
Android/Clicker бошқа расмий дастурлар ниқоби остида Android-қурилмага кўчирилади. Одатда у GTA San Andreas Free, Subway Surfers 2015, Dubsmash 2, My Talking Tom v2 шаклига кириб олади.
Қурилмага ўрнатилгач, вирус беҳаё сайтлар ҳисобига трафикни тортиб ола бошлайди. Трояннинг операторлари мурожаатлар кўпайиши ҳисобига даромад олади. Зарарланган Android-гаджетларнинг ҳисобига эса пул ёзилаверади.
Бу турдаги қаллоблик қурбони бўлмаслик учун экспертлар Android дастурида ишлайдиган қурилмаларга сифатли антивирус ўрнатиб, уни мунтазам равишда янгилаб боришни тавсия қилади.
Изоҳ (0)