Google корпорацияси Apple компаниясига АҚШнинг Федерал қидирув бюроси билан бўладиган суд жараёнида расмий ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сан-Бернардино шаҳрида содир этилган оммавий қотиллик суриштирувлари жараёнида Apple ва ФҚБ ўртасида ихтилоф келиб чиқди. Федерал хизмат хусусий корпорациядан ўлдирилган террорчининг смартфонидаги маълумотларга эга бўлиш учун керакли дастурни талаб қилди, аммо компания бу миллионлаб мижозларининг шахсий маълумотлари дахлсизлигини шубҳа остига олишини англаган ҳолда федерал агентлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Бу ҳолат судда ва Конгрессда кўриб чиқилмоқда.
Маълум қилинишича, Google яқин кунларда судга Apple’нинг позициясини ҳимоя қилиш мақсадида ўз «дўстона далил-исботлари» ифодаланган ҳужжатни йўллайди. АҚШ юриспруденциясида «amicus curiae brief» деб аталадиган бундай ҳужжатни судда бевосита иштирок этмайдиган учинчи томон тақдим этиши мумкин.
Илгарироқ Google Apple’ни қўллаб-қувватлашини баён қилган эди.
Изоҳ (0)