Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларнинг хавфсиз эксплуатациясини таъминлаш бўйича хизматларни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда «Norma.uz» сайти ёзмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан M1 (йўловчи ташувчи, ҳайдовчидан ташқари, саккизтадан ортиқ ўринга эга бўлмаган транспорт воситалари) ва N (юк ташишда қўлланадиган транспорт воситалари) категорияларидаги автомобиллар (махсус воситалардан ташқари) фақат Ўзбекистоннинг минтақаларида уларга ва автотранспорт воситаларини таъмирлаш талабларига жавоб берадиган техник хизмат кўрсатиш станцияларига эга бўлган ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари бўлган юридик шахслар томонидан реализация қилиниши мумкин бўлади.
Агар ҳужжат қабул қилинса, Ички ишлар вазирлиги 2017 йилнинг 1 январидан янги автотранспорт воситалари реализацияси учун билдирги-ҳисоб бланкаларини фақатгина кўзда тутилган талабларга риоя қилинган тақдирдагина тақдим этади.
Лойиҳадан M1 ва N категорияларидаги автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш станцияларига қўйиладиган умумий талаблар ўрин олган.
Уларга кўра, станцияда малакали ходимлар ва тасдиқланган структура, автотранспорт воситалари ишлаб чиқарувчиси ёки импортчиси билан хизмат кўрсатиш бўйича шартнома бўлиши талаб қилинади.
Бундан ташқари, станцияда қуйидагилар бўлиши лозим:
- камида 2 та техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмир учун жиҳозланган пост;
- иш диагностикасини ўтказиш, машина ювиш пости ва транспортни кўтариш ускунаси учун майдон;
- постларнинг 50 фоизи таъмир чуқурлари ва кўтариш ускуналари билан жиҳозланиши;
- умумий ва локал вентиляция тизимлари;
- стендлар, электрли ишлар, махсус асбоб-анжомлар ҳамда мойлаш ва эксплуатация материаллари, агрегатлар таъмири учун майдонлар;
- мижозларга тез кўмак бериш учун техник ёрдам машинаси;
- M1 категориясидаги машиналарга хизмат кўрсатувчи станцияларда камида 30 квадрат метр,N категориясидаги машиналарга хизмат кўрсатувчи станцияларда камида 50 квадрат метр ҳудудда эҳтиёт қисмлари омбори;
- эҳтиёт қисмлари олиш ва топшириш учун майдонлар, шунингдек, уларни истеъмолчиларга сотиш учун дўкон;
- транспортни таъмирлаш учун қабул қилиш зонаси (унда мижоз қўшимча консультация олиши мумкин), шунингдек, мижоз таъмир тугашини кутадиган махсус жой;
- сервис-менежер офиси;
- сервис-менежерлар, механиклар, электриклар, мураккаб техник муаммоларни ҳал қилувчи мутахассислар, амалга оширилган ишлар сифатини назорат қилувчи, машина ишлаб чиқарувчисининг асосий таълим курсидан ўтган ва сертификатини олган мутахассис;
- транспорт воситасига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш учун зарур бўлган асосий жиҳозлар ва асбобларнинг минимал рўйхати;
- эҳтиёт қисмларини узлуксиз буюртма қилиш тизими.
Изоҳ (0)