Дамашқ Сурияда тинчлик ўрнатилиши масаласида Москва тутган йўлни маъқуллайди. Бу ҳақда Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддод маълум қилди, дея хабар бермоқда «Ведомости».
«Дамашқ Сурияда сулҳ тузилиши юзасидан Москвани тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Россия ва АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш борасидаги келишуви бажарилишига умид қиламиз», — дея таъкидлаган элчи.
24 февраль, чоршанба куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда мухолифат вакилларидан шакллантирилган Музокаралар бўйича олий қўмита Суриядаги инқирозни бартараф этиш бўйича келишувга эришилганини маъқуллаши маълум қилинди. Шу куннинг ўзида суриялик курдларнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш халқ отрядлари жанговар ҳаракатларни тўхтатишга розилик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия президенти Владимир Путин Башар Асад билан Сурияда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.