Жорий йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг бошланишига 200 кун қолди, деб хабар беради «Газета.uz».
Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясида Республика оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
2016 йилнинг 7–18 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган XV ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини 24 нафар спортчи ҳимоя қилади. Ёзга қадар уларнинг сони ошиши кутилмоқда.
«Май ойида, бир қатор халқаро мусобақалар якунига етганидан сўнг, Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган иштирокчилар сони 30 ва ундан ортиқ бўлишига умид қиляпмиз», - дейди матбуот анжуманида Миллий паралимпия ассоциацияси Бош котиби Омон Ғофуров.
Риода бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларида 4350 нафар спортчи 22 спорт турида 528 тўплам медаллар учун кураш олиб боради. Ўзбекистонлик паралимпиячилар енгил атлетика (10 та йўлланма), дзюдо (8), сузиш (4), ўқ отиш (1), пауэрлифтинг (1) спорт турларида иштирок этади. Паралимпиянинг яна 2 та йўлланмаси ўзбекистонлик каноэда эшкак эшувчиларга берилиши кафолатланган, аммо, бу ҳозирча расман тасқидланмаган.
Изоҳ (0)