Эбола вирусини юқтириб олган ягона Британия фуқароси бўлган шотландиялик ҳамшира Полин Кафферки хасталикка чалинганидан буён учинчи марта шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда, мамлакат Миллий соғлиқни сақлаш тизими хабарига асосланиб, «ТАСС» ахборот берди.
Кафферкининг Эболага йўлиққани 2014 йилнинг 29 декабрь куни маълум бўлди. Сьерра-Леонеда бўлиб қайтган аёл у ерда Бирлашган Қиролликнинг бошқа тиббиёт ходимлари билан бирга Эбола эпидемиясига қарши курашда иштирок этган эди.
2015 йилнинг 3 январь куни унинг аҳволи ёмонлашди. Кафферкининг томирларига касалликни енгган хасталарнинг қони қуйилди. Шунингдек, у номи ошкор этилмаган синов дори воситаси ёрдамида даволанди.
Аммо 2015 йилнинг 9 октябрь куни ҳамшира яна шифохонага ётқизилди. 14 октябрда унинг аҳволи ўта оғирлиги эълон қилинди, шунга қарамай, 12 ноябрда аёл соғломлашгани муносабати билан Лондондаги госпиталдан яна чиқарилди.
2015 йил август ойи охиридаги маълумотларга кўра, жаҳон бўйлаб Эбола вируси юқиши билан боғлиқ 28041 ҳолат қайд этилган, 11302 киши ҳалок бўлган.
Қурбонлар ва касалланиш ҳолатларининг асосий қисми Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леоне каби Ғарбий Африка мамлакатларига тўғри келади.
Изоҳ (0)