Шу кунларда АҚШ пойтахти Вашингтонда трамвай қатнови йўлга қўйилади. «ТАСС» агентлигининг маълум қилишича, шаҳарда трамвайларнинг юриши 54 йил муқаддам тўхтатилган эди.
Шаҳар маъмурияти берган маълумотга кўра, 27 февраль, шанба куни Вашингтон трамвайининг ҳозирча ягона, 3,5 километр узунликдаги йўналиши йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.
10 йил илгари Вашингтонда трамвай қатновини қайтадан ишга тушириш ҳаракати бошланган, аммо харажатларнинг кутилганидан ортиқ бўлгани туфайли охирига етмаган эди. Шу пайтга қадар бу мақсадларга 200 миллион доллар сарфланди. Вашингтоннинг уч нафар мэри бу масала билан шуғулланган, аммо 27 февраль куни биринчи трамвай йўналишини мазкур масала устида бош қотирган тўртинчи мэр – Мюриел Баузер очиб беради.
Ҳозирча трамвайларнинг қатнаш ва тўлов тартиблари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шу боис бир муддат йўловчиларга бепул хизмат кўрсатилади. Тахмин қилинишича, трамвайлар ҳафтасига олти кун, душанбадан шанбагача ҳаракат қилади, трамвайлар қатнови орасидаги фарқ 15 дақиқани ташкил этади.
Келажакда бошқа йўналишларни ҳам қуриб битириш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)