Украина ва НАТО ўртасида махсус операциялар соҳасида ҳамкорлик қилиш режаси акс эттирилган хат имзоланди. Бу ҳақда Украина бош штаби раҳбари Виктор Муженко Facebook ижтимоий тармоғида берган маълумотларга асосан «Европейская Правда» хабар қилмоқда.
НАТОнинг Махсус операция кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Маршал Вебб бошчилигидаги НАТО делегацияси билан уюштирилган расмий учрашув давомида имзолаш маросими бўлиб ўтди.
«Меҳмонларимизнинг ташриф буюришидан асосий мақсад ― Украина Махсус операция кучларининг шаклланиши жараёни билан танишиш ва кучларни шакллантириш ва ривожлантиришда ёрдам бериш», ― деди Муженко.
Эслатиб ўтамиз, Украина президенти Пётр Порошенко ўз фармойиши билан 2016 йилда Украина—НАТО ҳамкорлиги бўйича Йиллик миллий дастурни тасдиқлаган эди.
Изоҳ (0)