Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Федерика Могерини ва Еврокомиссиянинг гуманитар масалалар бўйича аъзоси Христос Стилианидес Сурия шимолидаги Алеппо ва Идлибдаги тиббиёт муассасалари ва мактабларга қарши ҳужумни қоралади ва буни йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб атади. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.
«Бугун Идлиб провинцияси ва Азаза ҳудудидаги тўртта шифохонага ҳужум камида етти нафар бегуноҳ инсонни ҳаётдан олиб кетди. Бундан ташқари, Азазадаги икки мактабга ҳужум олти нафар боланинг ҳалок бўлишига олиб келди», — дейилади ЕИ юқори мансабдор вакилларининг 15 февраль, душанба куни эълон қилинган қўшма баёнотида.
Унда таъкидланишича, Сурияда деярли ҳар куни халқаро гуманитар ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузиб, фуқаролик инфратузилмаларига нисбатан ҳужумлар амалга оширилмоқда. Ҳужжатда жуда оғир шароитларда қутқарув ишларини амалга ошираётган гуманитар ташкилотлар ҳимоя қилиниши лозимлиги таъкидланган.
Қўшма баёнотда маълум қилинишича, шифохоналарнинг учдан бири фаолият юритмаяпти, Сурия шифокорларининг ярмига яқини мамлакатдан қочишга мажбур бўлган.
Изоҳ (0)