Лос-Анжелес яқинида жойлашган Инглвуд шаҳрида 2019 йилда ишчи номи NFL Disney World бўлган маҳобатли спорт мажмуаси очилади, дея хабар бермоқда «Sports.ru».
Мажмуадаги спорт аренаси жаҳондаги шундай иншоотлар ичида энг қиммати бўлади. Америкача футбол бўйича «Лос-Анжелес Рэмс» клубининг янги стадиони, турли ҳисоб-китобларга кўра, 2,6—3 миллиард доллар эвазига қурилади.
Лойиҳа бўйича, стадион 80 минг томошабинга мўлжалланган. Концертлар, алоҳида бошқа тадбирлар вақтида томошабинлар учун ўринлар сонини 100 мингтагача кўпайтириш мумкин бўлади.
Мажмуанинг умумий майдони 290 минг квадрат метрга яқин бўлиб, унинг ярми офислар ва савдо майдонлари учун ажратилади. Шунингдек, бу ерда 300 ўринли меҳмонхона, 2,5 мингта уй ва 10 гектар майдонда хиёбон қад ростлайди.
Ноқулай об-ҳаво шароити вақтида пластикдан тайёрланган 76 минг квадрат метрли том майдонни, трибунани ва баъзи қўшни иншоотларни ёғингарчиликдан ҳимоя қилади.
Маълумотларга кўра, «Рэмс» раҳбарияти мазкур стадиондан фойдаланиш ҳуқуқини «Окленд Райдерс» ва «Сан-Диего Чаржерс» клублари билан бўлишмоқчи.