Ҳиндистоннинг Мехсана шаҳрида яшовчи тадбиркор Житендра Пател кенжа ўғли Равининг тўйига 18 минг нафар бевани таклиф қилди. Бу ҳақда The Times of India нашри берган маълумотларга асосан «Сегодня.ua» хабар қилмоқда.
Тантанали маросим Гужорот штатининг Химматнагар шаҳри яқинидаги кўплаб қадимий ибодатхоналар билан машҳур Дерол қишлоғида бўлиб ўтди.
Пателнинг маълум қилишича, у беваларга таклифнома юборар экан, жамиятда мавжуд бўлган турли хил бидъатларга қарши эканлигини намоён қилмоқчи бўлган. «Мен турмуш қураётган ушбу ёш жуфтлик айнан жамият томонидан рад этилиб келинаётган беваларнинг дуосини олишини истадим. Уларнинг тўйда иштирок этиши ёмон белги ҳисобланса-да, бу хурофотдан ўзга нарса эмас», ― деди тадбиркор.
Ҳар бир бева куёвнинг бахтли отасидан совға сифатида кўрпа ва ўзининг томорқасида экиб, авайлаб парваришлаш шарти билан кўчат олди. Бундан ташқари, кам таъминланган оилалардан бўлган 500 нафар бевага соғин сигир улашилди.
Ҳиндистонда сати (бевани ёқиб юбориш) одати XIX асрда бутунлай йўқ қилинган бўлса-да, эридан айрилган аёл жамиятдан четга чиқиб қолади. Ҳаттоки, беванинг сояси ҳам бахтсизлик келтиради деб ҳисобланиб, бева қолган аёл байрамларга таклиф этилмайди ва ундан кўпчилик ўзини олиб қочади. Эрини йўқотган аёл кўпгина қишлоқларда «тирик мурда»га айланиб қолиб, у мотам рангли оқ сари кийиб юришга, тақинчоқ ва оёқ кийим киймасликка ва соч ўстирмасликка мажбур. Бундан мақсад, эридан жудо бўлган бева қолган умрини йиғи ва мотамда ўтказиши керак.
Изоҳ (0)