БМТ бош котиби Пан Ги Мун Бош Ассамблея аъзоларига 15 та мамлакат аъзолик бадалларини тўламаганлиги учун овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилганлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар беради.
Овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилувчи мамлакатлар рўйхати 25 январь, душанба кунги сана билан қайд этилган бўлса-да, у ОАВларга 22 январь, жума куни маълум бўлди. Унга Эрон ва Венесуэла ҳам киритилганлиги маълум қилинган. Бироқ Ассамблея пресс-атташеси Дэниэл Томас Эрон қарздорликни қоплаб, овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолганлигини маълум қилди.
Венесуэла ҳозирда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг вақтинчалик аъзоси ҳисобланишига қарамасдан, ушбу ҳуқуқдан маҳрум бўлди. Венесуэла Хавфсизлик кенгашидаги овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этилмаса-да, ушбу рўйхатга киритилиши БМТга аъзо давлат сифатидаги мақомига жиддий зарба ҳисобланади.
БМТ хабарида таъкидланишича, мамлакатлар бадалларни уларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра тўламаганлигини исботлаган тақдирда уларга овоз бериш ҳуқуқи қайтарилиши мумкин.
Бош Ассамблея хатида кўрсатилишича, Венесуэла 3 миллион доллар, Доминикан Республикаси 2,1 миллион доллар, Сент-Винсент ва Гренадинлар 2,155 миллион доллар ва Бурунди 1,36 миллион доллар миқдоридаги суммани тўлаши лозим. Шунингдек, овоз бериш ҳуқуқини Баҳрайн, Ливия, Мали, Вануату, Маршалл ороллари, Сомали, Яман, Комор ороллари, Гвинея-Бисау, Сан-Томе ва Принсипи ҳам йўқотди.
Изоҳ (0)