Нью-Йоркда Eagles гуруҳининг асосчиси Гленн Фрай 67 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «РБК» хабар беради.
Reuters агентлигининг маълум қилишича, Фрай охирги вақтларда кўп бетоб бўлган. У ревматик артрит, ярали колит ва зотилжам хасталикларидан азоб чекиб келган. Ушбу касалликларнинг асоратлари унинг соғлиғини издан чиқариб, ўлимга олиб келган.
Детройтда туғилган Фрай дастлаб қўшиқчи Линда Ронштадтнинг гуруҳида гитара чалган бўлса, 1971 йилга келиб Дон Хенли билан бирга жанубий Калифорнияда Eagles гуруҳига асос солган. Hotel California, Already Gone ва Take it Easy каби қўшиқлари билан рок-гуруҳ нафақат АҚШ, балки бутун дунёга машҳур ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, айнан Фрай ва Хенли Eagles’нинг аксарият қўшиқларига муаллифлик қилган.
1980 йилда гуруҳ тарқалиб кетгандан сўнг, Фрай яккахон фаолиятини давом эттириб, The Heat is On, Smuggler’s Blues, The One You Love каби қўшиқларни яратган.
1994 йилда Eagles яна бирлашиб, Hell Freezes Over альбомини чиқарган. 2015 йилда гуруҳнинг режалаштирган концерти Фрайнинг бетоблиги туфайли 2016 йилга кўчирилган эди.
Изоҳ (0)