Республикада чет тилларни ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда таянч олий ўқув юрти саналган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг янги биноси фойдаланишга топширилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мадина Нурманова.
13 январь куни университет профессор ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокидаги очилиш маросимида олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Вахабов сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу тарихий кун билан қутлади.
ЎзDJТУ раҳбарияти ва фаол талабаларининг табрик сўзларидан сўнг бинонинг ички тузилиши, янги турдаги инновацион хоналар ва кампусдан ўрин олган объектлар билан танишиб чиқилди.
Таъкидлаш лозимки, 2013—2015 йиллар давомида ЎзDJТУ моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасида саккизта обйект қурилиши, реконструкция ва капитал таъмирланиши инвестиция дастурига киритилди.
Жумладан, иккита янги – 2200 ўринли ўқув маъмурий биноси ва спорт мажмуасининг қурилиши тугалланди. Бундан ташқари, иккита ўқув биноси, битта ахборот-ресурс маркази, талабалар турар жойи ва ошхона биноси, хорижий мутахассислар учун 20 ўринли меҳмонхонанинг қурилиши ва реконструкцияси амалга оширилди.
Мазкур объектларни замонавий талаблар асосида қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминлаш учун жами 106,8 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Изоҳ (0)