АҚШнинг Пенсильвания штати полициячиси унга милтиқ ўқталган эркакдан ҳимояланиб, эркакнинг орқасида кўринмай турган 12 ёшли қизчасини тасодифан отиб ўлдирди. Бу ҳақда NBC берган маълумотларга асосан «Интерфакс» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Старк Стил исмли полициячи ижара ҳақидан 1,78 минг доллар қарздор бўлган 57 ёшли эркакнинг уйига келган. Эркак полиция вакилининг ташрифи ҳақида олдиндан хабардор бўлиб, уни қўлида милтиқ билан кутиб олди. Тахминларга кўра, полициячи ўзини ҳимоя қилиш мақсадида унга таҳлика солган одамга қарата ўт очишга мажбур бўлган.
Отилган ўқ уй эгасининг қўлини яралаб ўтиб, унинг ортида, бўсағада турган қизга тегди. Натижада қизча воқеа жойида ҳалок бўлди.
Полициячига нисбатан айблов қўйилиш-қўйилмаслиги номаълум.
NBC’нинг таъкидлашича, яраланган эркак шифохонага юборилиб, ҳибсга олинди.
Изоҳ (0)