АҚШнинг Жанубий Кореядаги ҳарбий контингенти ва Корея Республикаси қўшинлари тўлиқ жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда Корея Республикаси Штаблар раҳбарлари қўмитасининг раиси генерал Ли Сун Чжин маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
Ли Сун Чжин Корея Республикасидаги Америка қўшинлари қўмондони генерал Кёртис Скапаротти билан бирга Осан шаҳридаги Америка авиабазасига ташриф буюрди.
«Шимолий Корея томонидан ядро синови ўтказилгандан сўнг, унинг ҳарбийлари кутилмаган провокацияларни уюштириши мумкин», — деб таъкидлади Ли Сун Чжин. Унинг сўзларига қараганда, шу муносабат билан ҳарбийлар Шимолий Корея томонининг ҳар қандай провокациясига қарши туриш ҳамда Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун тўлиқ жанговар шайлик ҳолатида бўлиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, КХДР ядро синовини ўтказганига жавобан АҚШ Жанубий Кореяга «Рональд Рейган» авиаташувчиси ва атом сувости кемасини жўнатиши хабар қилинганди.
Изоҳ (0)