Тбилисида яшовчи Эка Абашидзе шу кунларда Истанбулда топилган голландиялик машҳур рассом Антонис ван Дейкнинг картинаси бир неча йиллар давомида унинг оиласи мулки бўлганлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Абашидзенинг журналистларга маълум қилишича, унинг оиласи картинанинг муаллифи ван Дейк эканлигини билмаган. Ҳозирги пайтда сурат 14 миллион долларга баҳоланмоқда.
Эка Абашидзенинг сўзларига қараганда, беш йил аввал унинг оиласи картинани у учун 37 минг доллар тўлашга ваъда берган икки кишига сотган. Улар етти минг долларни бериб, пулнинг қолган қисмини кейинроқ беришини маълум қилган. Алданганини тушуниб етган Абашидзенинг оиласи маҳаллий судга мурожаат қилган ва суд жараёнини ютиб чиққан.
Эндиликда аёл картинани унинг оиласига қайтарилишини талаб қилмоқда.
Куни кеча Туркия ОАВлари Истанбулда Грузиядан контрабанда йўли билан олиб чиқилган ван Дейкнинг картинаси топилганлигини маълум қилган эди. Уни ноқонуний сотишга уринган икки тадбиркор полиция томонидан қўлга олинган.
Изоҳ (0)