«Формула-1» синфидаги автопойга мусобақалари бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этган биринчи аёл, италиялик Мария Тереза де Филиппис 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Motorsport портали берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
Де Филипписнинг «Формула-1»даги илк чиқиши жаҳон чемпионати ҳисобига кирмаган 1958 йилда Италияда ўтказилган Сиракуз Гран-присида бўлиб ўтган. Ўшанда италиялик пойгачи бешинчи ўринни эгаллаган. Бир ойдан кейин де Филиппис Монаконинг Катта соврини пойгаларига Maserati русумли автомашинаси билан иштирок этиш истагини билдирди. Лекин у дастлабки саралашдан ўта олмади ва пойгага қўйилмади. Пойгачи шу йилнинг ўзидаёқ Бельгияда бўлиб ўтган Гран-при мусобақаларида иштирок эта олди, лекин ғолибдан икки даврага ортда қолиб, сўнгги ўринни эгаллади.
1959 йилда аёл Монако пойгаларида яна бир бор иштирок этишга ҳаракат қилган бўлса-да, пойгада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 16 нафар сараланган пойгачилар қаторига кира олмади.
Маълум қилинишича, француз Жан Бернинг 1959 йил 1 августдаги ҳалокатидан кейин де Филиппис, 23 ёшда спортдаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилган. 1979 йилда италиялик пойгачи «Формула-1» фахрий пойгачилар халқаро клубининг президенти ўринбосари лавозимига тайинланган.
Изоҳ (0)