Гватемала Бош прокуратураси 2008 йилда 16 нафар хорижликни ўлдирганликда айбланган наркобарон Марвин Монтел Маринни 828 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, жиноятчининг тўққиз нафар шеригига ҳам 9 йилдан 836 йилгача бўлган муддатга қамоқ жазоси берилиши мумкин.Уларнинг барчасига қасддан одам ўлдириш, гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиш ва жиноий уюшма тузиш каби айбловлар қўйилган.
Прокуратура судга тақдим этган далиллардан аниқланишича, айбланувчилар 2008 йил 8 ноябрда гиёҳвандлик воситаларини ташиб кетаётганликда гумон қилиб, Никарагуага йўл олган автобусни тўхтатган. Транспорт воситасида гиёҳвандлик воситаси йўқлигига иқрор бўлгач, жиноятчилар автобусда бўлган 16 нафар йўловчини ўлдиришга қарор қилган ва уларнинг жасадларини Монтел Мариннинг дала ҳовлисида ёқиб юборган.
15 нафар никарагуалик ва бир нафар голландиялик фуқаро маъносиз зўравонликнинг қурбони бўлди.
Изоҳ (0)