Шри-Ланкадан оғирлиги 1 404,49 қирот (карат) бўлган дунёдаги энг йирик сапфир қазиб олинган. Мамлакат пойтахти Коломбо геммологлари қимматбаҳо тошни минимум 100 миллион доллар, максимум эса 175 миллион долларга баҳоламоқда. Бу ҳақда CNN телекомпанияси маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Телекомпаниянинг маълум қилишича, қимматбаҳо тош ўтган йилнинг августида Ратнапур ҳудудидан топилган. У ерда анчадан буён сапфир, ёқут, аметист ва аквамаринни қазиб олиш ва ишлов бериш жараёни амалга оширилади.
«Одам Ато юлдузи» деб номланган қимматбаҳо тошнинг соҳиби ўз исми-шарифини ошкор этмаган. У, шунингдек, сапфир учун қанча тўлаганлигини ҳам маълум қилмаган.
«Унга музейнинг бебаҳо экспонати бўлиш тақдири битилган. У шунчалик каттаки, заргарлик буюмлари учун мўлжалланган ҳеч бир ғилофга сиғмайди», — дейди сапфир соҳиби.
Изоҳ (0)