Италия тергов органлари мамлакатдаги сотувдан тушган ҳақиқий фойдани яширганликда гумон қилган Apple компанияси солиқ органларига 318 миллион евро тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда La Repubblica газетаси маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар беради.
Тергов маълумотларига кўра, Америка корпорациясининг Италиядаги Apple Italia бўлими 2008—2013 йиллар давомида Италия ҳудудидаги сотувдан тушган ҳақиқий даромади ҳақида ёлғон маълумот берган. Шу тариқа, жами 880 миллион евро миқдоридаги солиқларни тўламаган.
Нашрнинг таъкидлашича, Apple’нинг солиқлар тўловидан қутулиб қолишига қуйидаги механизм иш берган: Apple Italia Ирландиянинг Apple sales International компаниясининг маслаҳатчи-компанияси сифатида рўйхатдан ўтган. Машҳур телефон, планшет ва компьютерлар сотувини гўёки Ирландия компанияси амалга оширган.
Кўрсатилган давр мобайнида Apple Italia’нинг даромади 30 миллион евродан бирор марта ҳам ошмаган. Аслида эса сотув ҳажми тизимли равишда бир миллиард евродан ошган.
Тергов доирасида амалга оширилган текширишлар бир неча ой давом этди. Натижада Apple унга нисбатан билдирилган шикоятларни тан олиб, солиқларни тўлаб беришга рози бўлди.
Изоҳ (0)