Президент Барак Обама ва президентлик лавозимига демократлар партиясидан номзоди қўйилган Ҳиллари Клинтон яна бир бор АҚШнинг 2015 йилдаги энг ҳурматга сазовор бўлган шахслари деб топилди. Бу ҳақда Gallup тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига таяниб «Вести» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Ҳиллари Клинтон ҳурматли инсонлар рўйхатининг аёлларга тегишли бўлган қисмидаги биринчи ўринни 20-маротаба эгаллади. Шунингдек, Клинтон кетма-кет 14 йил давомида рўйхатга бошчилик қилиб келиб, бу кўрсаткичлари билан у 1948 йилдан бери ўтказилиб келинадиган сўров натижалари бўйича Элеонора Рузвельт, Маргарет Тетчер, Жаклин Кеннеди, она Тереза ва Голда Меер каби машҳур аёлларни ортда қолдирди.
2015 йилда Ҳиллари Клинтон учун респондентларнинг 13 фоизи овоз берди. Иккинчи ўринни 5 фоиз тўплаган покистонлик фаол Малала Юсуфзаи олди. АҚШ президентининг турмуш ўртоғи Мишель Обама ва телебошловчи Опра Уинфрига 4 фоиздан овоз берилди.
Шунингдек, Британия қироличаси Елизавета II, Германия канцлери Ангела Меркель ва АҚШнинг собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс рўйхатнинг биринчи ўнлигига киритилди.
Ўз навбатида, Обама 17 фоиз овоз билан ҳурмат рейтингининг эркаклар қисмида биринчи ўринни эгаллади. 5 фоиздан Рим папаси Франциск ва президент лавозимига республикачилар партиясидан ўз номзодини қўйган миллиардер Дональд Трампга насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жамоат арбоблари орасида президент Барак Обама ва мамлакатнинг собиқ бош котиби Ҳиллари Клинтон америкаликлар таҳсинига сазовор бўлган эди.
Изоҳ (0)