Дунёдаги энг оғир одам ҳисобланган Андрес Морено 25 декабрь, жума куни Мексиканинг Сьюдад-Обрегон шаҳрида 38 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Моренос қариндошларининг маълум қилишича, унинг ўлимига юрак хуружи ва қорин пардасининг яллиғланишининг асорати сабаб бўлди. Андрес Морено уни шахсий клиникага олиб бораётган тез ёрдам машинасида вафот этди.
Жорий йилнинг октябрь ойида вазни 440 килограмм атрофида бўлган Морено операция қилдиришга қарор қилган эди. Жарроҳлик амалиёти Халиско штатининг маркази Гвадалахара шаҳридаги «Арболедас» шифохонасида ўтказилди. Операция муваффақиятли ўтиб, беморнинг аҳволи ҳеч қандай хавфни юзага келтирмади.
Шунга қарамасдан, ноябрь ойи ўртасида Морено Сьюдад-Обрегон шаҳридаги шифохоналардан бирида шошилинч операцияни бошдан кечирди. Декабрь ойида унга уйга рухсат берилган эди.
Ортиқча вазн муаммоси Моренони туғилгандан бошлаб қийнаб келган. Дунёга келган пайтда унинг вазни олти килограмм, ўн ёшида эса 120 килограмм, 20 ёшлигида 170 килограммни ташкил этган. У шифокорлар томонидан тавсия этилган турли парҳезларга амал қилганига қарамасдан, улардан ҳеч бирининг унга фойдаси тегмаган.
Изоҳ (0)