Чукотка губернатори Роман Копин прокуратура, Федерал хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Тергов қўмитасига мурожаат қилиб, Врангель оролида оқ айиқнинг шафқатсизларча ўлдирилганлиги ҳолатини профессионал даражада тергов қилишини сўради. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Арктика ҳудудидаги Россияга тегишли бўлган Врангель оролидаги қурилиш корхонасининг ходими оқ она айиққа қарата портловчи пакетни отиб юборган ва айиқ пакетни оғзи билан тутиб олган. Шундан кейин содир бўлган портлаш оқибатида ҳайвон қаттиқ азобланиб ҳалок бўлди. Ушбу ҳолат видеога олиниб, интернетга жойланганди.
23 декабрда Россиянинг Табиий ресурслар ва экология вазири Сергей Донской Бош прокуратурага мурожаат қилиб, ҳайвоннинг шафқатсизларча ўлдирилиши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатларини олиб боришни ва айбдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди.
Оқ айиқ Россия Федерациясининг «Қизил китоби»га киритилган ва халқаро шартномалар билан ҳимояланган. Дунё бўйлаб бор-йўғи 25 мингга яқин оқ айиқ қолган.
Изоҳ (0)