АҚШ Махфий хизматининг Барак Обамани қўриқлаш бўлинмаси ходимига тегишли тўппонча, шахсий кўкрак нишони, алоқа рацияси, кишан ва USB-флешка ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда 22 декабрь, сешанба куни CNN телекомпанияси хабар беради.
Номаълум шахслар томонидан агентнинг машинаси салонидан унинг барча зарурий ашёлари ўғирлаб кетилган. Автомобиль Вашингтон марказида, бошқарма штаб-квартираси яқинида тўхтатиб қўйилган бўлган. Ўғри пластик пакетдаги барча буюмларни орқа эшикнинг ойнасидан чиқариб олган.
Полиция баённомасида Махфий хизмат ходимининг исм-шарифи ошкор этилмаган. Ўғрилик маҳаллий вақт бўйича кечки тўртларга яқин содир этилганлиги маълум қилинган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган экспертлари махфий маълумотларга эга бўлган флешка мураккаб пароллар билан ҳимоя қилинганлиги учун унинг ўғирлаб кетилиши давлатга ҳеч қандай зарар етказмайди, деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга улар АҚШ пойтахти марказида бу каби жиноятнинг содир этилганлигидан ҳайратга тушган.
Изоҳ (0)