Франция куч тузилмалари Мали пойтахтидаги Radisson Blu меҳмонхонасига уюштирилган ҳужум бўйича жавобгарликни ўз зиммасига олган «Ал-Мурабитун» террорчилик ташкилотининг 10 га яқин жангарисини бартараф қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар қилмоқда.
Франция Мудофаа вазирлиги ўзининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилишича, жанг 19 декабрдан 20 декабрга ўтар кечаси Менака шаҳрида бўлиб ўтди.
Тўқнашувлар тўрт соатга яқин давом этиб, натижада иккита юк ташувчи кичик автомашина, ўнта мотоцикл, шунингдек, катта миқдордаги қурол-яроғ ва портловчи қурилмалар қўлга олинди. Зарарсизлантирилган террорчиларнинг ўлдирилганлиги ёки тириклайин ҳибсга олинганлиги ҳақида маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни жангарилар Мали пойтахти Бамакодаги Radisson Blu меҳмонхонасига ҳужум қилиб, 170 кишини гаровга олганди. Террорчилар уюштирган ҳужум қурбонлари сони 22 кишини ташкил қилгани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)