Украина президенти Пётр Порошенко ҳукумат мамлакат тараққиёт йўналишини танлашда Россия Федерацияси раҳбариятининг қизиқиш ва истакларини инобатга олмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар беради.
«Биз ўз евроинтеграциявий танловимизни фақат Украина халқи билан мувофиқлаштирамиз. Бу Кремлнинг иши эмас, давлатни қандай ривожлантириш тўғрисида ҳеч кимнинг улардан рухсат сўраш ёки маслаҳатлашиш нияти йўқ», — деди Порошенко «Интер» телеканалига берган интервьюсида.
Президент Украина ишларига Россия томонидан билдирилаётган эътиборга мисол тариқасида, мамлакатда янги пластик паспортларнинг жорий этилишини айтиб ўтди. «Идентификацион карточкаларнинг жорий этилишига Россиянинг биринчи реакцияси: ‘Бу биз билан мувофиқлаштирилмаган’, деган сўзлар бўлди», — дейди Порошенко.
Президент Украина халқи қайси томонга ҳаракатланиш ва тараққиётнинг қайси йўналишини танлашни ўзи белгилашини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)