Колумбия Президенти Хуан Мануэл Санчес «Олам гўзали» танловида ғолиба бўла олмаган юртдоши Ариадна Гутерресни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилмоқда.
Танловнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган финал босқичида, бошловчилик қилаётган комедия актёри Стив Харви, англашилмовчилик оқибатида, Ариадна Гутерреснинг ғолиб бўлганлигини эълон қилиб юборди. Қиз, танловнинг собиқ ғолибаси қўлидан бир даста гул ва тожни олиб, бир неча дақиқа давомида томошабинлар олқишига сазовор бўлиб турди. Шундан кейин, бошловчи хатосини тўғирлаб, тож Филиппин гўзали Пия Алонсо Вурсбахга олиб берилди.
«Ариадна Гутеррес, сен биз учун барибир ‘Олам гўзали’ бўлиб қолаверасан», ― деди колумбиялик президент ўзининг Twitter’даги шахсий саҳифасида.
«Олам гўзали» халқаро танлови илк бор 1951 йилда бўлиб ўтган. 20 декабрь, якшанба куни Лас-Вегас шаҳрида танловнинг 64-финали бўлиб ўтиб, унда 80 та мамлакатдан вакила иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, «Олам гўзали – 2015» танловининг иштирокчилари бошловчининг иккинчи ўринга сазовор бўлган колумбиялик иштирокчини англашилмовчилик туфайли ғолиба деб эълон қилганлиги учун узр сўраган эди.
Изоҳ (0)