Россиянинг Новосибирск вилояти Верх-Тулинск қишлоқ кенгаши полициясининг жиноят-қидирув бўлими ходими ҳибсга олинган шахсга қўл кўтариб, мансаб ваколати доирасидан четга чиққанликда айбланди. Бу ҳақда ҳудудий тергов бўлинмаси берган маълумотларга асосан «Газета.ru» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 2015 йил 22 ноябрь куни 23 ёшли полициячи қўлга олинган эркакни хонага олиб кириб, унинг қўлларини стулга кишан билан боғлаб, оёғи билан эркакнинг кўкрак қисмига тепган. Бунинг оқибатида эркак ерга йиқилиб, ҳушини йўқотган. Маҳбусни ўзига келтириш учун, ходим унинг устидан совуқ сув қуйиб, ҳибсхонага олиб борган ва у ерда эркакни такрорий равишда уриб, унинг бир нечта қовурғаларини синдирган.
Қўлга олинган ёрдам сўраса-да, полициячилар уни ҳўл кийим-боши билан совуқ кўчага чиқариб юборган ва бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида маъмурий баённома тузмаган.
Жабрланувчи айни вақтда шифохонада бўлиб, унда бир нечта жароҳат ва пневмония касаллиги аниқланган.
Айбдор полициячини қўлга олиш РФ ИИВ алоҳида тоифадаги жиноятларни тергов қилиш бўлими терговчилари ва ички хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилди. Айбланувчи қамоққа олиниб, тергов ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)