Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод сенатор Тед Круз дебатлар давомида махфий маълумотларни ошкор этишда гумон қилинди. Бу ҳақда Сенатнинг разведка бўйича комиссияси раҳбари Ричард Бёрр маълумотига таяниб, Meduza хабар беради.
Республикачилар партиясидан номзодлар ўртасида яқинда бўлиб ўтган дебатлар давомида Тед Круз 2015 йилда қабул қилинган «Эркинлик акти» махсус хизматларга телефон рақамларнинг деярли 100 фоизини террорчилар билан алоқаси юзасидан текшириш имкониятини беришини маълум қилди.
Унинг мухолифи, разведка бўйича қўмита таркибига кирувчи сенатор Марк Рубио унга жавобан миллий телевидение махфий маълумотлар муҳокама этиладиган жой эмаслигини маълум қилди.
Бёррнинг аниқлик киритишича, маълумотларнинг махфийлик даражаси масаласи ҳар сафар оммага бирор аниқ рақамлар келтирилганда юзага келади. Бу каби ҳолатларда ушбу маълумот ОАВда пайдо бўлган-бўлмаганлик масаласи ҳал этилиши лозим.
Тед Крузнинг штабида маълум қилинишича, сенатор томонидан келтирилган рақамлар Washington Post ва Wall Street Journal қайдларида, шунингдек, Миллий хавфсизлик агентлиги вакилининг Конгрессдаги кўрсатмаларида учрайди.
Изоҳ (0)