Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғон Ироқнинг шимолида қарор топган ҳарбий базадаги туркиялик қўшинлар мамлакат президенти Фуад Масумнинг илтимосига кўра жойлаштирилганлигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
«Ироқ президенти Фуад Масум 2014 йилда биздан илтимос қилганлиги сабабли ҳарбий бўлинмаларимиз Башик шаҳрига жойлаштирилди», ― дея маълум қилди Эрдоғон.
2015 йил 4 декабрда ИШИД эгаллаб олган Мосул шаҳрига ҳужум қилиш мақсадида курд жангчиларини тайёрлаб келган Туркия курдларнинг «пешмерг» лагерида ўзининг қуролли кучларидан иборат бўлган бир гуруҳни, шу жумладан, 130 га яқин аскар, танк ва артиллерияни жойлаштирди.
Кейинчалик, Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг Бағдоддаги элчисини чақириб, Туркияга Ироқнинг шимолидаги ҳарбийларини дарҳол олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ҳукумати 6 декабрь, якшанба куни Ироқнинг шимолига қўшимча аскар юбориш нияти йўқлигини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)