Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг буйруғи асосида зилзила содир бўлган Помир тоғлари ҳудудига республика мудофаа вазирлигининг вертолёт авиацияси юборилди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот котиби берган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, Бартанг водийсида содир бўлган ушбу зилзила марказига биринчи навбатда керак бўлган озиқ-овқатни етказиш ва уй-жойидан маҳрум бўлганларни эвакуация қилиш мақсадида мудофаа вазирлигининг иккита вертолёти юборилмоқда. Вертолётлар талофат кўрган ҳудуддаги аҳолига озиқ-овқат, палатка ва бошқа энг керакли бўлган товарларни етказиб беради.
Матбуот котибининг таъкидлашича, агар ноқулай об-ҳаво шароити вертолётларнинг парвозини кечиктирса, аҳолига автотранспорт билан ёрдам қилинади.
2015 йил 7 декабрда содир бўлган зилзила туфайли Помирдаги аҳоли жойларда 500 дан ортиқ уй-жой бинолари вайрон бўлган, бир-неча ўнлаб километр йўллар, телефон алоқаси линиялари бузилиб, бир қатор маданий ва ижтимоий объектлар зарар кўрган.
Қутқарувчилар хабар қилишича, ернинг силкиниши тоғ тошларининг кўчишига сабаб бўлиб, унинг оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 15 дан зиёд киши жароҳат олган.
Изоҳ (0)