Эстониянинг Тарту шаҳрида Aura Open Cup сузиш мусобақасида икки спортчи қўлининг бармоғидан айрилди, деб хабар беради «Корреспондент.net».
28 ноябрь куни Эстония жамоасининг аъзоси Сандер Пааво 50 метрга сузиш учун стартдаги иккинчи трамплиндан сакради. 11 йилдан бери сузиш билан шуғулланаётган спортчи сувга тушгандан кейингина чап қўлининг ўрта бармоғи узилиб, юпқа терида осилиб қолганлигини кўрди.
29 ноябрь, якшанба куни Aura сузиш марказида яна шу каби ҳодиса юз берди. Учинчи трамплиндан сакраган Роберт Роозе ҳам бармоғидан айрилди.
Трамплинларнинг техник жиҳатдан яроқсиз бўлганлиги, натижада спортчиларнинг бармоғи тирқишга тиқилиб қолиши оқибатида жароҳатланганлиги тахмин қилинмоқда. Бахтсиз ҳодисалардан сўнг, танаффус эълон қилиниб, трамплинлар кўздан кечирилди. Мусобақалар давом этмоқда.
Ташкилотчилар мусобақадан сўнг, ҳодисаларни чуқур таҳлил қилишга ваъда берди.
Изоҳ (0)