Чеченистон прокуратураси талабига биноан Грозний суди Франциянинг ҳажвий журнали Charlie Hebdo’нинг твиттерини тақиқлади. Бу ҳақда прокуратура расмий сайтига асосланиб, «Meduza» хабар бермоқда.
Прокуратуранинг маълум қилишича, Charlie Hebdo твиттерида «диндорларнинг эътиқоди устидан кулиш, пайғамбар сиймосига нисбатан ҳурматсизлик билан қараш ҳамда Мисрда Россиянинг A321 самолётининг қулаши акс этган кулгили расмларни учратиш мумкин».
Charlie Hebdo’нинг расмий твиттерида A321 авиаҳалокатининг карикатуралари йўқ. Аккаунт 2015 йилнинг 7 январидан янгиланмайди. Чунки айнан мана шу куни журнал таҳририятига ҳужум қилиниб, 12 киши бунинг натижасида ҳалок бўлган эди. Твиттерда Charlie Hebdo деб номланган қатор аккаунтлар бўлиб, уларнинг ҳеч бири журналга алоқадор эмас. Чеченистон прокуратураси айнан қайси аккаунтдан A321 карикатураларини учратгани номаълум.
Эслатиб ўтамиз, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россия самолётининг Мисрдаги ҳалокати мавзусида карикатуралар чоп этган Франциянинг Charlie Hebdo газетаси ходимларини ярамаслар деб атаган эди.
Изоҳ (0)