«Тожикистон темир йўллари» корхонаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси темирйўл орқали амалга ошириладиган юк ташиш учун икки томонлама чегирмалар тақдим этиш борасида келишувга эришди. Бу ҳақда, Тожикистоннинг «Ховар» агентлигига асосланиб, «Norma.uz» хабар бермоқда.
Тожикистон Транспорт вазирлигидан маълум қилишларича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти нефть маҳсулотлари, алюминий ва алюминий қириндисини «Қудуқли — Келес» ва «Қудуқли — Қорақалпоқ» темирйўли бўйлаб ташиш учун (имтиёзли 0,85 коэффициентни қўллаб) чегирмалар тақдим этиш ҳақида телеграмма йўллаган. Музокаралар давомида «Болдир — Қудуқли» темирйўл қисмидаги коэффициент (1,83) ҳам 2015 йил 31 декабрга қадар бекор қилинган.
Ўз навбатида, «Тожикистон темир йўллари» давлат унитар корхонаси Тожикистон транзит ҳудудлари (Истиқлол ва Спитамен)даги темирйўл орқали олиб ўтилаётган Ўзбекистон юкларини ташиш учун (имтиёзли 0,7 ва 0,85 коэффициетларни қўллаб) чегирмалар жорий этилиши таъминланиши масаласида Ўзбекистон томонига телеграмма йўллаган.
«Ховар» агентлиги хабарида қайд этилишича, чегирмаларнинг жорий этилиши икки қўшни мамлакат — Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида юк ташишнинг ривожланишига кўмак беради.