Бундестаг иттифоқига аъзо партиялар етакчилари мамлакат фуқаролигини олиш имконияти паст қочоқлар аризаларини кўриб чиқиш жараёнини тезлаштириш юзасидан узоқ муддат давом этган музокаралардан сўнг, тегишли қарор қабул қилишди. Бу ҳақда «Европейская правда» хабар бермоқда.
Германия канцлери Ангела Меркель, социал-демократлар етакчиси Зигмар Габриэль, христиан-социал иттифоқи раиси Хорст Зеегофер қочоқларни қабул қилувчи махсус марказлар ташкил этилишига розилик билдирди. Бундай марказларда бошпанага эга бўлиш имконияти паст кишиларга махсус ажратилган ҳудудда яшаш имконияти берилади.
Дастлабки режаларга кўра, бутун мамлакат бўйича, хусусан, Бавариянинг Бамберг ва Манчинг шаҳарларида учтадан бештагача бўлган ана шундай марказлар фаолият юритади.
Шунингдек, бундай ҳудудларда ҳибсга олинган қочоқларнинг деярли барчаси қамоққа ташланишини инобатга олган ҳолда социал-демократлар қарши чиқан «транзит ҳудуд» яратиш ғояси рад этилди.
Бундан ташқари, очилиши кўзда тутилаётган марказларда хавф-хатар даражаси унча юқори бўлмаган мамлакатлар, хусусан Болқон ярим оролидан келган муҳожирларнинг аризалари кўриб чиқилиши жараёнининг тезлашиши зарурлиги ҳам таъкидланди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи чегараларини қўриқлашни кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам келишиб олинди.
Эслатиб ўтамиз, расмий прогнозларга кўра, жорий йилда Германия ҳудудига 800 минг қочоқ бошпана қидириб келиши мумкин.
Изоҳ (0)